Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига энергия ресурслари билан таъминлаш масалаларини кўриб чиқиш топширилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Энергетика вазирлигига газ, электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш, муқобил ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023-йилда мамлакатимизда 56,3 миллиард куб метр ёки ўтган йилга (51,7 миллиард) нисбатан 4,6 миллиардга кўп табиий газ ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 1,6 миллиард куб метр газни тежаш мумкин.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига жорий йилда газ қазиб олишни 32,8 миллиард куб метрга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун умумий қиймати 5,7 триллион сўмлик 744 та геологик-техник тадбирлар амалга оширилади.

Бу йил қишда Ўзбекистон катта энергетика инқирозига дуч келди, унинг оқибатлари ҳамон сезиляпти. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган йиғилишда мутасаддиларни куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўришда эътиборсизликка йўл қўйганини танқид қилган эди.

Ноябрь ойи ўрталарида Ўзбекистон вилоятларида электр таъминотида узилишлар кузатила бошланди. Энергетика вазирлиги қошидаги миллий диспетчерлик маркази йирик аварияларнинг олдини олиш учун тўхташлар зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.

Декабрь ойи бошида президент топшириғига биноан бош вазир бошчилигида энергетика соҳасидаги муаммоларни тезкор ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ҳукумат ишчи гуруҳи тузилди.

Шу билан бирга, бошқа давлатлар билан газ, электр энергияси, кўмир ва мазутни қўшимча харид қилиш бўйича музокараларни фаоллаштириш режалари эълон қилинди.