Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳабов Германияга расмий ташрифи доирасида Frankfurt шаҳрида (Германия) Туркиянинг «MUSIAD HESSEN» компанияси раҳбари Муҳсин Кидик билан учрашди. MUSIAD HESSEN – MUSIAD мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг бизнес ҳамжамиятини қўллаб-қувватловчи бўлими.
Учрашувда янги ва қуритилган мева-сабзавот, қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Германия томони вакиллари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбариятини 2023-йил 25-июн куни Франкрут шаҳрида бўлиб ўтадиган бизнес-тадбирга таклиф қилишди. Тадбирда қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва тўқимачилик саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳабов «Health Care People» ва «The International People» компаниялари вакиллари – Николаус Рихтер, Майкл Бестлер ва Tomas Forster билан ҳам музокаралар ўтказди.
Фото: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари Германиядаги компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Health Care People Германиядаги тиббиёт ходимлари учун индивидуал истиқболларни яратишга бағишланган. Корхона ходимларни шахсий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича хизматлар кўрсатади.
«The International People» – Европа бўйлаб мутахассисларни жойлаштириш ва малакали кадрларни, шу жумладан Ўзбекистондан келганларни ҳам ёллаш ва ўқитиш билан шуғулланувчи ишга қабул қилиш агентлиги.
Учрашув якунлари бўйича томонлар меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, гастрономик, тиббий ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишларида амалиёт ўташни ташкил етиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.