Ўзбекистон Туркманистон билан 451 миллион долларлик сармоявий ва савдо битимларини имзолади

Бухорода бўлиб ўтган биринчи ҳудудлараро форумда Ўзбекистон томонидан делегацияга Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Туркманистон томонидан эса Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ботир Атдаев бошчилик қилди.

Делегациялар таркибига икки мамлакатнинг турли ҳудудларидан вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари кирди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликда фойдаланилмаётган захиралар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Шу нуқтаи назардан, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма ютуқ ташаббусларини ривожлантириш таклиф этилди, томонлар бу йуналишда ҳамкорликда амалий чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. Хусусан, икки мамлакат минтақалари раҳбарлари ва ишбилармонлик миссияларининг мунтазам ўзаро ташрифларини ташкил этиш йулга қўйилади. Бундан ташқари, ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йуналишларини ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва келишиш, уларни амалга ошириш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш вазифаси юклатилган доимий ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Форум иштирокчилари сармоявий, саноат ва савдо ҳамкорлигининг энг истиқболли йуналишлари: қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, чарм-поябзал ва электротехника саноатига эътибор қаратди.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш шароитида чегара савдо зоналарини жадаллаштириш, савдо уйларини очиш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Форумда сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти ва истиқболлари, икки мамлакат ҳудудлари тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчиларнинг “B2G” ва “B2B” форматидаги мақсадли учрашувлари ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Форум якунлари бўйича жами 451 миллион долларлик сармоявий ва савдо шартномалари имзоланди.