Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича етакчи беш мамлакатдан бири. Қайд этилишича, 2020 йилда 3,5 минг тонна уран қазиб олинган. Бу ўтган йилги 2019 йилга қараганда бир оз кўпроқ.
Бутунжаҳон ядро ассоциацияси (WNA) маълумотларига кўра, Ўзбекистон табиий уран ишлаб чиқарувчи давлатлар рейтингида бешинчи ўринни сақлаб қолди.
WNA ҳисоботида айтилишича, 2011 йилда Ўзбекистон 2500 тонна уран ишлаб чиқарган. 2012 йилдан бошлаб мамлакатда уран қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада камайди. Масалан, 2012-2015 йилларда 2400 тонна уран қазиб олинган. Бироқ, 2016 йилдан буён Ўзбекистонда уран қазиб чиқариш қарийб 1000 тоннага ошди ва 2019 йилда 3500 тоннага етди.
Уранни қайта ишлаш Ўзбекистонда амалга оширилмайди. 1996 йилда мамлакат ўз уранини бошқа хорижий компанияларга сотишга биринчи уринишларини бошлади. 132 минг тонна уран захирасига эга бўлган Ўзбекистон (дунё захирасининг 2 фоизи) дунёда 11-ўринни эгаллайди.
WNA рейтингида биринчи ўринни ўтган йили 19,48 минг тонна уран ишлаб чиқарган Қозоғистон эгаллади. Иккинчи ўринни Австралия эгаллади, 6,2 минг тонна. Учинчи ўринни Намибия (5,41 минг тонна), тўртинчи — Канада (3,88 минг тонна) эгаллади.