Ўзбекистон ва Италия водород энергетикасини ривожлантиришда ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Республикасида Инновацион ривожланиш агентлигининг саноат корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бўлими вакиллари ва Италиянинг Турин политехника университети мутахассислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилишда Италияда водород энергиясини ташиш, ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб беришда қўлланилаётган технологиялар ҳақида маълумот берилди. Италия тажрибаси асосида Ўзбекистонда водород энергиясидан амалий фойдаланиш бўйича бирламчи тадқиқотлар олиб бориш ва лойиҳа яратишга қарор қилинди.

Ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик олимлар ва тадқиқотчиларни тажриба алмашиш мақсадида Италияга қисқа муддатли амалиёт ўташга юбориш, шунингдек, Европа Иттифоқининг илмий грантлари бўйича Ўзбекистон олимлари ҳамкорлигида лойиҳалар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, йиғилишда жорий йилнинг май ойида водород энергетикасини ривожлантиришга бағишланган илмий семинар ташкил этиш, унда Ўзбекистон ва Италия олимлари билим ва тажриба алмашишга қарор қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги водород энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда ва бу икки давлат олимлари ўртасида билим ва тажриба алмашиш имконини бермоқда.