Ўзбекистон ва Малайзия чарм-пойабзал соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олди

Шу кунларда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Малайзияда бўлиб турибди.

Бугун Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Акбар Султонов Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати салоҳияти билан таништирди.

Малайзия ишлаб чиқарувчилар федерацияси ҳамда Экспорт ва халқаро бизнес қўмитаси президенти Дато Го Бун Ким билан учрашувда томонлар яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.

Оғзаки келишувларни тасдиқловчи меморандум имзоланиши режалаштирилган. Малайзиялик ҳамкор ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг апрел ойида ишлаб чиқарувчилар делегацияси билан Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини ҳам билдирди.

Шунингдек, Осиё-Тинч океани франчайзинг конфедерацияси бош менежери Логарасан Анбарасан ва Малайзиянинг Prife International SDN BHD тиббиёт компаниялари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Фото: Ҳамкорлик ўрнатиш: Куала-Лумпурдаги бизнес-форум

Компаниялар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ортопедик пойабзалларни харид қилишга қизиқиш билдирган ва яқин орада пойабзал сифатини ўрганиш учун мамлакатимизга ташриф буюришни режалаштирган.

Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, Prince Learning Center директори Носир Хусин билан чарм-пойабзал саноати учун қўшма ўқув курслари ташкил этиш юзасидан музокаралар олиб борди.

Бизнес-форум доирасида MRP молиявий компанияси асосчиси Френцис Чин билан учрашув ташкил этилиб, унда Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал соҳасига сармоя киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Ниҳоят, Малайзия аёллар ассоциацияси президенти Шерри Алжуниед билан учрашувда Малайзияга дизайнерлик пойабзали ва чарм буюмлар етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилиниб, бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.