Ўзбекистон ва Татаристон қўшма бизнес-форум ўтказади

Ўзбекистон Татаристон қўшма сармоявий лойиҳаларни кўриб чиқиш учун ишбилармон доираларнинг бизнес-форумини ўтказишга келишиб олди.

Татаристон президенти Рустам Миннихонов видеомулоқот чоғида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Татаристон ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг бизнес-форумини ўтказиш масаласини муҳокама қилди.

Уни Чирчиқ шаҳридаги “Химград Ўзбекистон” саноат парки ўрнида ташкил этиш режалаштирилган.

Сардор Умурзоқов тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиши мумкинлигини та’кидлади.

“Биз ушбу тадбирни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бунгача биз бир қатор масалаларни кўриб чиқишимиз ва улар бўйича қарор қабул қилишимиз керак”, — деди Миннихонов.

Сардор Умурзоқов, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари доирасида Татаристон алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.

Томонлар қўшма инвеститсия лойиҳаларини амалга ошириш ва уларни амалга ошириш муддатларини ҳам кўриб чиқдилар.