Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

22 сентябр куни Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари билан бизнес-форум ва икки томонлама B2B музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралардан кўзланган мақсад етакчи саноат йўналишларидаги масалаларни кўриб чиқишдан иборат эди.

Форумда Туркия «MÜSİAD» мустақил ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар уюшмаси раҳбари Маҳмут Асмали бошчилигидаги турли соҳаларда фаолият юритаётган ишбилармонлар делегацияси иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда инвестисия муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Туркия томони ҳам ўзбекистонлик тадбиркорларни MÜSİAD EXPO 2022 кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди. MÜSİAD томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган кўргазма жорий йилда 2-5-ноябр кунлари 124 давлатдан 100 мингдан ортиқ ташрифчи ва делегатни қабул қилишни режалаштирмоқда.

MÜSİAD ташкилотининг асосий мақсади хусусий саноат вакилларига самарали ва тез ривожланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишда ёрдам беришдир.