Ўзбекистон Жаҳон банкидан 289 миллион доллар кредит олади

Молия вазирлиги Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида кредит ажратиш тўғрисида келишувга эришилганини айтди. Умумий қиймати 289 миллион долларга тенг иккита кредит шартномаси имзоланди.

Маълум қилинишича, ҳужжатлар Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё бўйича витсе-президенти Анна Бьерденинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича имзоланган.

Хусусан, «Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари соҳасини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ЖБ 239 миллион доллар, Швейцариянинг Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти эса имтиёзли 7,8 миллионлик кредит ажратади.

Лойиҳани амалга ошириш давомида Ўзбекистоннинг учта минтақасида 500 мингдан ортиқ аҳоли сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Қорақалпоғистоннинг Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларидаги канализатсия тозалаш иншоотларини модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ва Каттақўрғонда сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилади ва реконструксия қилинади.

Шунингдек, «Ўзбекистонда миллий инноватсион тизимни модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича молиявий битим имзоланди. Лойиҳа учун 50 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилган.

Ушбу лойиҳа ҳукуматга бозор иқтисодиёти шароитида ишлай оладиган миллий инновацион тизимни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Бу ҳукумат, тадқиқот ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасида илмий-тадқиқот ва илмий-инновацион маҳсулотлар ва хизматларни тижоратлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

Ушбу ташаббус давлат илмий-тадқиқот институтлари ва университетларида халқаро даражадаги тадқиқотларни олиб боришга ёрдам беради, шунингдек уларнинг иш натижаларини тижоратлаштиришга ёрдам беради. Ушбу ташкилотларнинг тадқиқотчилари 50 га яқин илмий-тадқиқот ишларини, шу жумладан халқаро тадқиқотчилар ва хусусий сектор иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштирадиган грантларга мурожаат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, маҳаллий фирма ва компаниялар стартап-лойиҳаларга ҳамда маҳаллий ва халқаро бозорларда талабга жавоб берадиган янги ёки мавжуд инноваwион маҳсулотлар ва хизматларнинг илмий-тадқиқот ишларига сармоя киритиш учун 30 га яқин грант олишлари мумкин. Масалан, улар тиббиёт, фармацевтика ва биотехнологик маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш ҳамда илм-фан ва технологияларнинг бошқа истиқболли йуналишлари бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга ариза топширишлари мумкин бўлади.

Лойиҳа доирасида алоҳида илмий-тадқиқот институтларининг инфратузилмаси ва лабораторияларини модернизация қилишга маблағлар ажратилади, уларнинг рўйхати тегишли ташкилотларнинг эҳтиёжлари ҳар томонлама баҳолангандан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.