Ўзбекистонда 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Энергетика вазирлиги билан биргаликда қайта тикланадиган энергия манбаларидан 10 та электр станциясини қуриш боʻйича янги лойиҳалар ишлаб чиқиш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 22-ноябр куни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг август ойида Навоий вилоятида мамлакатимизда биринчи қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган эди. Келгуси ой Самарқанд шаҳрида яна бир шундай стансия фойдаланишга топширилади.

Умуман олганда, 2022-2024-йилларда 3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан умумий қуввати қарийб 3 минг мегаватт бўлган 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

“Яқинда Шотландиянинг Глазго шаҳрида боʻлиб оʻтган халқаро иқлим саммитида Оʻзбекистон 2030-йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 35 фоизга камайтириш ниятида эканлигини маълум қилди. Бунинг учун барча сабаблар бор. Хусусан, 2026-йилга бориб мамлакатимиздаги қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8 минг мегаваттга етказиш вазифаси қўйилди”, — дейилади хабарда.

Бугунги йиғилишда белгиланган мақсадга эришиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, молиявий ва ташкилий жиҳатлар муҳокама қилинди. Келгуси йилда Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган 5 та қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳаларга устувор эътибор қаратиб, ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди. Инвестициялар ва ташқи савдо ва Энергетика вазирликларига халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш топширилди.

Президент, шунингдек, йирик саноат корхоналари ўз таъминоти учун қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишини рағбатлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Ўзбекистонда келажакда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалар таннархини пасайтириш билан бирга, маҳаллий корхоналар учун бозорни яратишга хизмат қилади”, — дейилади йиғилишда. Шу муносабат билан мазкур маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Янги электр станцияларини сифатли ишлатиш учун малакали муҳандислар ва ишчилар керак бўлади. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларни ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлаб, Навоий шаҳрида махсус ўқув маркази ташкил этиш, олий ўқув юртларининг ўқув дастурларини замон талаблари асосида янгилаш бўйича топшириқ берди”, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш стратегияси тақдим этилди.