Ўзбекистонда 500 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда

Давлат статистика қўмитаси саккиз ой давомида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сонини ҳисоблаб чиқди.

Бундан келиб чиқадики, 2022-йил 1-сентабр ҳолатига кўра, фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 2021-йилнинг шу даврига (527.853) нисбатан 43 479 тага ошган.

Хабарда айтилишича, савдо тармоқларида – 153 265 тадан 175 084 тага (+ 21 819 та), саноатда – 92 033 тадан 95 761 тага (+ 3 728 та), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги корхоналари сони — 46 911 дан 51 581 гача (+ 4 670) сезиларли даражада ошиши ҳисобига ижобий натижага эришилди.

Шу билан бирга, таъкидланишича, 2022-йилнинг январ-август ойларида янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар сони 2021-йилнинг шу даврига нисбатан 6263 тага камайган. Янги ташкил этилган масъулияти чекланган жамиятлар сони 3 минг 880 тага, оилавий корхоналар сони 1 минг 978 тага, хусусий корхоналар сони 434 тага камайди.

2022-йил 1-сентабр ҳолатига фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари сони 507 мингтага етди.

Амалдаги тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланиши қуйидагича: савдо – 34,5%, саноат – 18,9%, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 10,1%, қурилиш – 9%, турар жой ва озиқ-овқат хизматлари – 7%, ташиш ва сақлаш — 3,9%, ахборот ва алоқа — 2,2%, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар — 1,9%, бошқа турдаги — 12,5%, дейилади ҳисоботда.