Ўзбекистонда 71 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиеванинг таъкидлашича, Саудия Арабистони, Франция, Сингапур, Миср, Германия, Хитой, Италия, Қатар ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар натижасида 71 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришилган.

Ушбу инвестициялар энергетика, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника, фармацевтика ва машинасозлик каби турли тармоқларни ривожлантиришга қаратилган.

Мамлакат раҳбарияти ушбу лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун аввалги ёндашувлардан фарқ қилувчи ҳамда мувофиқлаштириш ва назоратни назарда тутувчи янги бошқарув тизимини жорий этишни таклиф қилди.

«Тадқиқот – ишлаб чиқиш – амалга ошириш» тамойили бўйича лойиҳаларни шакллантириш ва ишлаб чиқиш учун вилоят ва шаҳарлардаги лойиҳа гуруҳлари билан ҳамкорлик қилувчи консалтинг компанияларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳаларни инвесторларга тақдим этиш учун ҳудудий инвестиция форумлари ўтказилади.

Соҳага сармоя жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда парламент муҳим ўрин тутади.

Парламент аъзолари қонун ҳужжатларини таҳлил қилиб, назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириб, мамлакатимиз сармоявий салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда депутатлар инвестициялар ва инвестисия фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, вазирлик ва идоралар ўртасидаги икки томонлама келишувлар асосида ишлаб чиқилган «йўл хариталари»нинг амалга оширилиши юзасидан ташрифлар ва олий даражадаги учрашувлардан сўнг мониторинг олиб боради ва тинглайди.

Демак, қонунчилар парламент назоратига республикада сармоявий салоҳиятни оширишга қаратилган янгича ёндашувларни қўлламоқда, деб ҳисоблайди депутат.