Ўзбекистонда чиқиндилардан қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқариш бошланди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Корея энергетика агентлиги билан ҳамкорликда республикамизда яна бир лойиҳани амалга оширди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур лойиҳа асосида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида ишлаб чиқариш чиқиндилари асосида қаттиқ ёқилғи (пеллет) ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилди.

“Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 минг тоннани ташкил этади. Заводнинг ишга туширилиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди. Муқобил ёқилғи турларидан бири бўлган қаттиқ ёқилғи уйлар ва ижтимоий объектларни иситиш учун ишлатилади. Завод Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлигининг яна бир қўшма лойиҳаси бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот республикамизда муқобил ёқилғи турларини ривожлантириш ва энергия ресурсларини тежашга хизмат қилади”, – дейди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов.

Пелет турли экинларнинг сомонидан, деярли барча ўсимликларнинг илдизлари ва баргларидан, ёғочга ишлов бериш чиқиндилари ва маиший чиқиндилардан тайёрланади.