Ўзбекистонда евро ва доллар курслари деярли тенг

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2022-йил 14-июлдан бошлаб валюта курсларини белгилади.

Регулятор маълумотларига кўра, АҚШ доллари курси 14,91 сўмга ошиб, 10 935,19 сўмни ташкил қилди.

Шу билан бирга, ягона Европа валютаси 76,77 сўмга арзонлашди. Энди бир еврога 10 975,65 сўм беришмоқда.

Бундан ташқари, Россия рубли 9,68 сўмга қимматлашди ва 187,17 сўмни ташкил қилди.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда евро ва доллар курслари деярли тенг. Жорий йилнинг январ ойида евро ўртача 12,2 минг сўмни, доллар эса 10,8 минг сўмни ташкил қилди. Феврал ҳам худди шундай эди. Шу билан бирга, март ойи охирида доллар курси 11,4 минг сўмдан ошди, евро эса 12,6 минг сўмдан сотилди.

Апрел ойи охирида доллар курси ўртача 11,2 минг сўмни, евро эса (29 апрел ҳолатига) 11,7 минг сўмни ташкил қилди.

Май ойида евро ва доллар курси 500, 600 ва 700 сўмлик фарқ билан 11 000 сўм даражасида сақланиб қолди. Шу билан бирга, июн ойи охирида доллар курси бироз пасайиб, ўртача 10,8 минг сўмни ташкил қилди. Евро 11,4-11,5 минг сўм даражасида сақланиб қолди.

13 июл ҳолатига кўра, доллар курси 7,98 сўмга ошиб, 10 920,28 сўмни ташкил қилган бўлса, Европанинг ягона валютаси 85,76 сўмга тушиб, 11 052,42 сўмни ташкил қилди.

Аввалроқ, доллар 2002-йил декабридан бери илк бор еврога тенглашгани маълум бўлган эди. Савдо маълумотларига кўра, халқаро Форех бозорида евронинг долларга нисбатан курси 0,39% га пасайиб, 1,0000 долларни ташкил қилди (Тошкент вақти билан 14:46). Охирги марта евро долларга деярли 20 йил аввал, 2002 йилнинг 6 декабрида тенглашган эди.