Ўзбекистонда фуқаролардан ер солиғининг уч баробари ундирилиши тўхтатилади

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкаларидан ҳужжатсиз ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқ миқдорда фойдаланаётган фуқаролардан белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ундирилади.

Адлия вазирлиги «Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлаб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

2020-йил 1-январдан 2023-йил 1-июнгача бўлган даврда жисмоний шахслардан уч баравар солиқ ставкаси (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 437-моддаси 9-қисми) миқдорида ер солиғи ундирилмаслиги назарда тутилмоқда. Яъни ер участкаларидан ҳужжтсиз ёки ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқ ҳажмда фойдаланаётган фуқаролардан.

Агар 2020-йил 1-январдан ҳозирги кунгача фуқаролар уч баравар ставкада солиқ тўлаган бўлса, келгуси тўловлар учун тўланган солиқ суммалари Солиқ кодексига мувофиқ қайта ҳисоблаб чиқилиши белгиланди.

Ҳужжатсиз ёки мавжуд ҳужжатларда кўрсатилганидан кўп миқдорда ер участкаларидан фойдаланаётган фуқаролардан солиқ ундириш эндиликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 437-моддаси 1-қисмида назарда тутилган умумий тартибда кўзда тутилади.