Ўзбекистонда иккита дон корхонаси кимошди савдосида сотилди

Танловда ғолиб бўлган иштирокчилар ушбу корхоналарнинг асосий фаолиятини камида 5 йил давомида сақлаб қолиш ва дон сақлаш қувватларини камайтирмаслик мажбуриятини олдилар. Бошқа дон корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари давом этмоқда.

Шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўлаш евазига давлат захирасига ғалла сақлаш мажбуриятини олдилар.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари май ойида ғаллачиликда ислоҳотларга бағишланган йиғилишда «Ўздонмаҳсулот» АК таркибидаги 43 та ғалла корхонаси янги бозор шароитида самарали ишлашга тайёр эмаслигини таъкидлаган эди.

Бунга қадар ғалла корхоналари деҳқонлардан тайёр буғдой олиб, уни қайта ишлаган бўлса, ун ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватдан фойдаланиш даражаси 60 фоиздан ошмасди.

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 160 дан ортиқ йирик хусусий ғалла корхоналари ишга туширилди.

2021-йил охирига келиб, мамлакатда ишлаб чиқарилган уннинг 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

Давлат ғалла корхоналари ун ишлаб чиқаришга хусусий корхоналарга қараганда 20-25 фоизга кўп маблағ сарфлаган, уларнинг рентабеллиги эса 2 баробар паст бўлган.