Ўзбекистонда кунгабоқар ёғи нархи ошади

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси матбуот хизмати Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 1 апрелдан бошлаб Россия Федерациясидан кунгабоқар ёғи экспорти бўйича бож тўлови март ойида бир тонна учун 260,1 доллардан 313 долларгача кўтарилиши ҳақида маълумот берди.

Янги бож бир тонна ёғ учун 1 447 доллар индикатив нарх асосида ҳисоблаб чиқилган (март ойи — тоннаси учун 1 371 доллар).

Россия Федерациясида 2021-йил 1-сентабрдан бошлаб кунгабоқар ёғи экспорти учун сузувчи бож жорий этилди. Унинг катталиги базавий нарх (1 тонна учун 1000 АҚШ доллари) ва индикатив баҳо (ойлик бозор нархларининг ўртача арифметик) ўртасидаги фарқнинг 70% ни ташкил этади, тузатиш коэффициенти қийматига (1 тонна учун 50 доллар) туширилади.

“Кунгабоқар дампфери” механизми 2022-йилнинг 31-августигача ишлайди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонлик тадбиркорлар асосан Россия ва Украинадан кунгабоқар ёғини импорт қилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, Россия, Украина ва Қозоғистондан ёғли ўсимликлар (кунгабоқар, соя ва бошқалар) импорт қилинади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўсимлик ёғи истеъмоли йилига 460 минг тонна бўлиб, унинг ярми импорт ҳисобига қопланади.

Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистон сенаторлари ушбу озиқ-овқат маҳсулоти нархини пасайтириш мақсадида ўсимлик ёғи, кунгабоқар уруғи, зиғир ва соя импортига қўшилган қиймат солиғини нолга тенглаштиришни маъқуллаган эди. Бундан ташқари, кунгабоқар ва пахта мойлари ҳамда уларнинг чигитларига экспорт божлари жорий этилди.