Ўзбекистонда сабзи 5 баробар арзонлашди

Мамлакат ҳукумати томонидан кўрилган фаол чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда июн ойига нисбатан сабзи нархи 4-5 баробар арзонлашди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, сабзи нархи 2022-йил баҳорида янги ҳосил йиғилгунча шу даражада сақланиб қолади.

“Сабзи нархини барқарорлаштириш учун мамлакат ҳукумати фаол чоралар кўрмоқда. Республикада бу экин экиладиган майдонлар бир неча баробар оширилди. Бундан ташқари, серҳосил навлар экилади. Бундан ташқари, экинларни суғориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг янги технологиялари жорий этилмоқда”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, фермер хўжаликларида 1 килограмм сабзи нархи 700-800 сўмгача тушиб кетган. Агар 20-июн куни 1 кг сабзи ўртача чакана нархи 6-10 минг сўм бўлган бўлса, бугун у 2000 сўмгача тушиб кетди. Ўртача харид нархи 1 кг сабзи учун 1000-1500 сўм атрофида.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2021-йилда ўртача сабзи ҳосилдорлиги гектарига 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача ошган.

2021-йилда барча тоифадаги фермер хўжаликларида 124,4 минг гектарга (ўтган йилга нисбатан 18,2 минг гектарга кўп) сабзи экилди. 2021-йилда етиштирилган 2 миллион тоннадан ортиқ ҳосилнинг асосий қисми ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йуналтирилган.

Шу билан бирга, қайта ўрим-йиғимдан олинган 140 минг тонна сабзи қиш-баҳор мавсумида аҳоли учун захирага қўйилиб, “кеч қолган” сабзи бир қисмини қайта ишлаш режалаштирилган.

Шунингдек, 2021-йилда 9 давлатга 7,6 миллион долларлик сабзи экспорт қилингани маълум бўлди: асосан Қозоғистон Республикасига – 30,5 минг тонна (4 миллион доллар), Қирғизистон Республикасига – 16,5 минг тонна (2,8 миллион доллар), Россия Федерациясига – 3 минг тонна (704 минг доллар), шунингдек, Тожикистон, Беларус, Чехия, Украина, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларига.