Ўзбекистонда товар ва хизматлар ноябр ойида 1,2% га ошди

Ўзбекистонда жорий йилнинг ноябр ойида истеъмол бозорида товар ва хизматлар нархи ўртача 1,2% га ошди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Жорий йил бошидан буён истеъмол секторида нархлар ўсиши 8,6 фоизни ташкил этган бўлса, йиллик кўрсаткичда 10,3% га етди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021-йилнинг январ-ноябр ойларида консолидацияланган истеъмол индексининг ўртача ойлик ўсиши 0,8% ни ташкил этди.

2021-йил ноябр ойида нархлар ва тарифлар ўсиши бўйича етакчи ўринни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллади ва улар ой давомида ўртача 1,9% га ошди. Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари 0,8% га, аҳолига пуллик хизматлар 0,5% га қимматлашди.

Йиллик ҳисобда 2021-йил ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 13,4% га ошиб, учта асосий гуруҳ орасида нархлар ўсиши бўйича етакчиликни сақлаб қолди. 2020-йил ноябр ойидан бошлаб ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,9% га, хизматлар 8,1% га қимматлашди.

Умуман олганда, 2021-йил бошидан буён озиқ-овқат маҳсулотлари (10,8%) нархлар ўсиши бўйича етакчиликни сақлаб турибди. Белгиланган даврда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7% га, хизматлар 7,1% га қимматлашди.