Ўзбекистонда қулупнай етиштириш оммалашмоқда

Ўзбекистон Республикаси иссиқхоналарида яқин вақтгача асосан помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон, кўкатлар, цитрус мевалар етиштирилар эди.

Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мультимедиа маркази хабар берди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда республика бўйича 3 мингдан ортиқ фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, тадбиркорлик субъектлари умумий майдони 6 минг гектардан ортиқ майдонда иссиқхоналарга эга.

Бугунги кунда иссиқхоналар 5 минг гектардан ортиқ майдонда фаолият юритмоқда. Ушбу иссиқхоналарнинг қарийб 40 гектарига гидропоника усулида замонавий талабларга жавоб берадиган қулупнай экилган.

Унинг бошқа анъанавий усуллардан фарқи юқори маҳсулдорлик, турли касалликларнинг йўқлиги ва арзонлигидир. Яъни, барча ўсимликлар учун зарур бўлган озуқа моддалари сувда эритилади ва тўғридан-тўғри ўсимликларнинг илдизларига етказилади. Айни пайтда республикада 0,8 минг гектар гидропоник иссиқхоналар мавжуд, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати.