Ўзбекистонда уннинг биржа аукционлари якунланди

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси ахборот хизмати хабарига кўра, 1 июн куни ун маҳсулотларининг биринчи очиқ биржа савдолари бўлиб ўтди.

«Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги 44 та корхона томонидан 10 минг тонна 1-навли ун биржа аукционларига қўйилган бўлиб, шундан 8,3 минг тоннаси 83 фоизи сотилган.

Биржа аукционларида уннинг сотилмаган қолдиғи қарийб 1,7 минг тоннани ташкил этди. Бошқача айтганда, ун биржа бозоридаги таклиф етарли эди.

Биржа савдолари натижаларига кўра 1-навли уннинг ўртача нархи бир тонна учун 4 497,8 минг сўмни ташкил этди. Биржада шаклланган ун котировкаси бошланғич баҳосига (4 241,9 минг сўм) нисбатан 6 фоизга ошди.

Уннинг биржа аукционларида жами 2822 нафар харидор иштирок этган бўлса, шундан 56 нафари Тошкент шаҳридаги нон ишлаб чиқарувчилардир. Бу корхоналар биржа орқали атиги 874 тонна 1-навли ун сотиб олган.

Аввал хабар қилинганидек, Президент яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида 1 тонна буғдойнинг ўтган йилги 1 миллион 550 минг сўмдан минимал харид нархи бу йилги ҳосил учун 3 миллон сўмга оширилганини таъкидлади.

1 июндан бошлаб давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлайди, фермер ва кластерлар донни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлади.

«Ўздонмаҳсулот» ва унинг корхоналари 1 июнга қадар доннинг 1 килограммини 1550 сўмдан сотиб олиб, уннинг 1 килограммини 2485 сўмдан сотаётган эди.