Ўзбекистондан Хитойга табиий газ экспорти ортиб бормоқда

Ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини сезиларли даражада оширди, дея хабар беради Хитой Бош божхона бошқармаси.

Агентлик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон апрел ойида газ экспортини қайта тиклаган ва Хитойга 40,47 миллион долларлик газ етказиб берган. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 миллион долларни ташкил этди.

Умуман олганда, икки ойда экспортнинг умумий ҳажми 118,6 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (301,9 миллион доллар) нисбатан қарийб 2,5 баробар камдир. Бунга Ўзбекистондаги энергетика инқирози сабабли январ-март ойларида газ экспорти вақтинчалик тўхтатилгани сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, май ойида газ экспортининг умумий ҳажми 83,6 миллион долларни (бутун йил давомида — 201,5 миллион доллар) ташкил қилган. Бироқ газ етказиб берилаётган мамлакатлар географияси, шунингдек, етказиб беришнинг физик ҳажми ҳақида аниқ маълумотлар ошкор этилмаган.

Жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга қисқарди. Бу тенденция кетма-кет иккинчи ой кузатилмоқда, май ойида пасайиш 11,2% ни ташкил этган.

2022-йил охирида Ўзбекистон томони 910,9 миллион долларлик газ экспортини эълон қилди. Хитойдан 1,07 миллиард доллар миқдорида ўзбек гази импорт қилингани маълум қилинди, бу Ўзбекистон расмий маълумотларидан 159,5 миллион доллар ёки 18,2 фоизга кўпдир.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов бу кўрсаткичларда Туркманистондан транзит гази ҳам ҳисобга олинганини таъкидлади.