Жаҳон банки: Ўзбекистонга пул ўтказмалари 21 фоизга қисқаради

2022-йилда Россиядаги иқтисодий вазият туфайли Ўзбекистон Республикасига пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга қисқаради.

Бу ҳақда Жаҳон банки экспертлари хабар бермоқда.

Бунгача банк мутахассислари 2022 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг ўсиши 3 фоизни ташкил этишни башорат қилган эди.

Жаҳон банки экспертлари пул ўтказмаларининг қисқариши Россиядаги иқтисодий вазият билан боғлиқлигини қайд этди.

Жаҳон банки экспертларининг фикрича, Россияда иқтисодий фаолликнинг заифлашиши меҳнат муҳожирларининг бандлиги ва даромадларини, шунингдек, пул ўтказмаларини жўнатиш имкониятларини камайтиради.

Бундан ташқари, рублнинг долларга нисбатан заифлашиши кутилмоқда, бу эса рублда юборилган трансферларнинг номинал доллар қийматини пасайтиради.

Қайд этилишича, Россия банк тизимига нисбатан SWIFT тармоғидан чиқариб ташлаш кўринишидаги санкциялар расмий каналлар орқали пул ўтказмаларига бевосита таъсир қилиши мумкин. Ўз навбатида, бу билвосита ва норасмий каналларга қисман ўтишга олиб келиши мумкин.

Унда юқоридаги қисқа муддатли прогнозлар Украинадаги ҳарбий можаро кўлами ва Россиядан чиқувчи тўловларга қарши санкциялар самарадорлигига қараб юқори даражада ноаниқлик билан боғлиқ деган хулосага келади.