АҚШ сенаторларининг икки партияли гуруҳи Россиядан АҚШга уран импортини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Қонун лойиҳасини демократлар Мартин Хейенрих ва Крис Кунс ҳамда республикачилар Синти Ламмис ва Роджер Маршал имзолаган.
Вайоминг штатидан республикачи сенатор Джон Баррассонинг баёнотига кўра, АҚШ атом саноати ўз уйида уран ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ресурсларга эга ва Россия уранидан воз кечишга тайёр.
Унинг қайд этишича, Россия уран сотишдан олган ҳар бир доллар ҳарбий амалиётларни молиялаштиришга сарфланади.
АҚШ Сенатининг энергетика ва табиий ресурслар қўмитаси раиси, Ғарбий Виржиниядан демократ сенатор Джо Мэнчин Россиядан уран импортини тақиқлаш АҚШ атом энергияси компанияларининг импорт қилинадиган уран ёқилғисидан мустақиллигини кафолатлашини таъкидлади.
Шуни таъкидлаш керакки, ўтган йилнинг март ойида Қўшма Штатлар Россиядан энергия ресурслари, жумладан, нефт, нефт маҳсулотлари, кўмир ва суюлтирилган газ импортига тақиқ қўйган, аммо уран санкцияларга дучор бўлмаган.