АҚШ Россияга қарши санкцияларни бузган 18 давлатни жазолайди

АҚШ Молия вазирлиги Россия Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга уринаётган 18 давлат рўйхатини эълон қилди.

Унда собиқ СССР давлатлари: Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон. Туркия, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Исроил, Мексика, Сербия, БАА, Жанубий Африка, Никарагуа, Сингапур, Тайван ҳам кўрсатилган.

АҚШ Ғазначилигининг таъкидлашича, рўйхатдаги барча мамлакатлар Россия ва Беларус учун «ўтказиш пунктлари»дир.

Бироқ, бу давлатларнинг аксарияти Россияни қўллаб-қувватлашни рад этади. Хусусан, Хитой Москвага қарши иккинчи даражали санкциялар қўлланилмаслиги учун унга ёрдам беришдан қатъий бош тортмоқда. Бироқ, баъзи «хусусий» Хитой компаниялари аллақачон Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилиш учун АҚШ чекловларига тушиб қолган.

Туркия ўғирланган Украина донини сотишга алоқадорликда гумон қилинмоқда, чунки Туркия портларида буғдой олиб кетаётган Россия кемалари кузатилган. Россия томони бу ишғол қилинган Қримдан олинган дон эканлигини таъкидлади. Бироқ, авваллари сув муаммоси ва кам ҳосил ярим оролдан ғалла экспортига тўсқинлик қилган.

Европа Иттифоқи санкция чораларини кучайтирмоқчи. Шу муносабат билан улар «санкциялар вазирлиги»ни – АҚШ Ғазначилиги қошидаги Молиявий активларни назорат қилиш идорасининг (OFAC) аналогини яратишни режалаштирмоқда.

Брюссел ҳам санкцияларни четлаб ўтиш имкониятини камайтириш устида ишламоқда.