АҚШ Саудия Арабистонига Patriot ракеталарини сотишга рухсат берди

АҚШ Саудия Арабистонига Patriot ракеталари ва тегишли жиҳозларни сотишни 3,05 миллиард долларгача бўлган битимни тасдиқлади.

Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг Мудофаа ҳамкорлиги агентлиги хабар берди.

Ҳаммаси бўлиб Саудия Арабистони АҚШдан 300 та шундай турдаги ракета сўраган.

Таклиф этилаётган сотув Форс кўрфази минтақасида сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт учун куч бўлган ҳамкор давлат хавфсизлигини ошириш орқали АҚШнинг ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлик мақсадларини қўллаб-қувватлайди, деди Пентагон. Шартнома, шунингдек, Саудия Арабистонининг ракеталар захирасини тўлдириш орқали жорий ва келажакдаги таҳдидларга қарши туриш қобилиятини яхшилайди.