Абхазияда мухолифатнинг тўққиз соатдан ортиқ давом этган митинги якунига етди

Сухумдаги 9 соатлик норозилик аксиясида мухолифат Абхазия президенти билан музокарага эришди, шундан сўнг томонлар резолюцияни имзоладилар.

Сухумдаги намойишчилар мухолифат етакчилари ва Абхазия президенти Аслан Бжания ўртасидаги музокаралар ва резолюция қабул қилиниши ортидан тарқала бошлади.

Мухолифат етакчиларидан бири, собиқ иқтисодиёт вазири, 2020 йилги президентлик сайловларида республиканинг амалдаги раҳбарининг рақиби Адгур Ардзинба ўз тарафдорларига миннатдорчилик билдирди.

“Сабр-тоқатингиз учун ва маълум тўқнашувлар бўлса-да, ҳеч ким чегарани кесиб ўтмагани учун раҳмат”, — деди у.

Абхазия пойтахти Сухумда мухолифат митинги 9 соатдан ортиқ давом этди.

Сешанба куни Абхазия президенти Аслан Бжания билан бўлиб ўтган музокараларда Адгур Ардзинба, Тимур Гулия, шунингдек, парламент спикери ўринбосари Михаил Сангулия иштирок этди. Бундан ташқари, Бош вазир Александр Анкваб ва президент маъмурияти раҳбари Алхас Квитсиния ҳам ҳозир бўлган.

Абхазия мухолифати митингда резолюция қабул қилди, унга кўра парламент Бжанияни ҳокимиятдан четлатиш жараёнини бошлаши керак. Намойишчилар “президентнинг ҳокимиятдан воз кечиш жараёни давомида унинг барча энергия ва мулкий ташаббусларини музлатиш”ни талаб қилмоқда.

Аввалроқ митингда мухолифат ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлгани хабар қилинганди.