Араб Лигаси Сурия аъзолигини янгилади: Қатар қаршилигича қолмоқда

АР агентлиги маълумотларига кўра, Араб давлатлари лигаси Суриянинг 12 йил аввал тўхтатилган аъзолигини янгилашга қарор қилган.

Шунга қарамай, Қатар каби Лиганинг баъзи нуфузли аъзолари қарорга қаршилигича қолмоқда ва якшанба кунги йиғилишда қатнашмади.

Бироқ Лигага аъзо 22 давлатдан 13 таси Қоҳирадаги йиғилишга ўз ташқи ишлар вазирларини юборди.

«Бу қарор Дамашқнинг ғалабасини англатади, гарчи кўп жиҳатдан рамзий бўлса-да. Ғарбнинг (Башар) Асад ҳукуматига қарши санкциялари сақланиб қолганлиги сабабли, Араб Лигасига қайтиш урушдан вайрон бўлган мамлакатни қайта тиклаш учун маблағларни тезда ажратиши кутилмайди.», — деб таъкидлади АР.

Араб Лигаси Бош котиби Аҳмад Абул-Гайтнинг айтишича, Сурияни ташкилот таркибига қайтариш қарори Асадга гуруҳнинг 19-май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган саммитида иштирок этишига имкон беради.

Фото: Араб Лигаси Сурия аъзолигини 12 йилдан сўнг янгилади

«Бу, аксинча, Сурия инқирози ҳал қилинган дегани эмас. Лекин бу араб (давлатлар)га кўп йиллар давомида биринчи марта Сурия ҳукумати билан барча муаммоларни муҳокама қилиш учун мулоқот қилиш имконини беради», — деди у.

Абул-Ғайтнинг қўшимча қилишича, Дамашқ аъзолигининг янгиланиши барча араб давлатлари бу давлат билан муносабатларини нормаллаштирганини англатмайди.

«Булар ҳар бир давлат учун алоҳида суверен қарорлардир», деб тушунтирди Бош котиб.