Ғарб давлатлари Россия валюта заҳираларининг 60 %ни музлатиб қўйган

Ғарб давлатлари Россия валюта заҳираларининг 60 %ни музлатиб қўйди – 350 миллиард доллардан ортиқ.

Бу ҳақда 5-апрел, сешанба куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трусс полшалик ҳамкасби Збигнев Рау билан музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.

«Бугун мен 350 миллиард доллардан ортиқ ёки Россиянинг умумий валюта захираларининг 60 %дан ортиғини музлатиб қўйганимизни эълон қилишим мумкин. Бизнинг мувофиқлаштирилган санкцияларимиз Россия иқтисодиётини Совет даврига қайтармоқда», деди у.

Трусс таъкидлаганидек, Буюк Британия ва Полша Украинанинг яқин иттифоқчилари ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг йил бошида эълон қилинган уч томонлама формати «дезинформацияга қарши кураш ва энергетика мустақиллиги мавзусида кибермакондаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни» назарда тутади.

Британия вазирининг қўшимча қилишича, Бирлашган Қироллик ЕХҲТ томонидан Бучадаги воқеалар юзасидан текширув ўтказилишига умид қилмоқда.

«Мен ЕХҲТ содир бўлган воқеа ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун воқеаларни тергов қилишини истайман», деди Трусс.

У, шунингдек, Буюк Британия уруш зонасида жинсий зўравонликка қарши кураш кампаниясини бошлаганини таъкидлади, шунда жинсий жиноятлар кимёвий қуролдан фойдаланиш каби «халқаро қизил чизиқ»га айланади.