Австралия РФ Қуролли Кучлари ва 16 нафар Россия фуқаросига қарши санкциялар киритди

Австралия ҳукумати Россияга қарши янги санксиялар э’лон қилди.

Сешанба куни ташқи ишлар вазири Марис Пейн айтганидек, молиявий чекловлар Россия Федерацияси Қуролли Кучлари ва мамлакатнинг яна 16 фуқаросига қарши қаратилган.

“Янги санкциялар тўплами Россия Федерацияси Қуролли Кучларига мўлжалланган мақсадли молиявий чекловлар, шунингдек, иқтисодий чекловлар ва Украинага денгиз, қуруқлик ва ҳаво ҳужумлари учун масъул бўлган россиялик олти нафар ҳарбий қўмондоннинг мамлакатга киришини тақиқлайди”, — деди Пейн.

Мамлакат ТИВ раҳбарининг баёнотида айтилишича, Австралия расмийлари ҳам “Россия учун стратегик аҳамиятга эга бўлган 10 кишига қарши” санксиялар жорий қилмоқда. “Австралия ҳукумати Facebook, Twitter ва Google каби рақамли платформалар билан Россия давлат оммавий ахборот воситалари томонидан ишлаб чиқарилган контентни блокировка қилишда давом этмоқда”, деди Пейн.

Аввалроқ Австралия ЕИ давлатлари, Буюк Британия, Канада ва АҚШ томонидан жорий этилган Россияга қарши санкцияларга қўшилгани хабар қилинганди. Бугунги кунга келиб, Австралиянинг санкциялар пакети мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари ва Давлат Думаси депутатларига нисбатан чекловлардан ташқари, Россия Федерацияси Марказий банкининг халқаро захираларини музлатиш, россияликларга визалар ва бир қатор Россия банкларининг глобал SWIFT тизимидан чиқарилиши, паспортлар беришни чеклашни ўз ичига олади.

Бунгача Австралия мамлакат молия-кредит ташкилотларига Россия молия ташкилотлари, мудофаа сектори корхоналари ва қатор давлат ва ҳукумат муассасалари билан ҳар қандай операцияларни амалга оширишни тақиқлаган эди.

24-февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украина Донбасида махсус ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. Бунинг ортидан рус армияси Украинага ҳужум қилди. Украина шаҳарлари, жумладан Киев ҳам ракета ва бомба ҳужумларига учраган.

Украина президенти Владимир Зеленский бунга жавобан бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат жорий қилинганини айтди.

Украина раҳбари, шунингдек, Россия билан дипломатик алоқалар узилишини ма’лум қилди.

Кремлнинг хатти-ҳаракатлари БМТда ва дунёнинг аксарият пойтахтларида қораланди. Россияга нисбатан қаттиқ санксиялар жорий этилди.