Австралия Украинага Bushmaster бронетранспортёрларини беради

Австралия Украинага ўз ишлаб чиқарган Bushmaster зирҳли транспортёрларини юборади. Бу ҳақда 1-апрел, жума куни Австралия бош вазири Скотт Моррисон маълум қилди, дея хабар беради CNN.

«Биз шунчаки дуоларимизни эмас, қурол-яроғимизни, ўқ-дориларимизни, инсонпарварлик ёрдамимизни, буларнинг барчасини ва ўқ ўтказмайдиган жилетларни жўнатпмиз… Биз жўнатмоқчимиз. Бизнинг Bushmaster бронетранспортёрларимиз ва биз уларни C-17 самолётимиз учун у ерга (Украинага) жўнатамиз», деди Моррисон.

Қайд этилишича, Австралия бош вазири шу тариқа президент Владимир Зеленскийнинг Украинага қурол ёрдамига қўшилиш ҳақидаги илтимосига жавоб берган.

Аввалроқ Австралия ҳукумати Россия ва Белоруссиядан олиб келинган барча товарларга 35 фоизлик қўшимча божлар жорий қилган, шунингдек, алюминий оксиди ва алюминий рудаларини Россияга экспорт қилишни тақиқлаган эди.

Мамлакатнинг санкциялар рўйхатига Россиянинг 500 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслари киритилган.