АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари Россия армиясининг Украинага эҳтимолий бостириб киришига пухта тайёргарлик кўрганини таъкидлади.
У, шунингдек, Америка НАТОнинг «ҳар бир қарич ҳудудини ҳимоя қилишга» тайёрлигини, бироқ Украинада жанг қилмоқчи эмаслигини айтди.
“Очиғини айтаман: бизнинг кучларимиз Украинадаги Россия кучлари билан тўқнашувда қатнашмайди. Бизнинг кучларимиз Украинада жанг қилиш учун Европага бормайди, лекин улар НАТОдаги иттифоқчиларимизни ҳимоя қилади”, — деди Байден.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар “мамлакатларни, жумладан, Польша, Румыния, Латвия, Литва ва Эстонияни мудофаа қилиш” учун қуруқлик, денгиз ва ҳаво кучларини сафарбар қилмоқда.
Байден Қўшма Штатлар ва унинг ҳамкорлари Украина билан боғлиқ вазиятда бирдамлигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ва ҳамкорлар Украинага эҳтимолий босқинчиликка пухта ҳозирлик кўрган.
“Мен Европадаги иттифоқчиларимизни бирлаштириш учун сон-саноқсиз соат сарфладим. Иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳозирда кучли иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқдамиз. Иттифоқчиларимиз билан биргаликда украиналикларни озодлик учун курашда қўллаб-қувватлаймиз. Ҳарбий ёрдам. Иқтисодий ёрдам. Гуманитар ёрдам. Биз Украинага 1 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри ёрдам берамиз”, — деди у.
Байден, шунингдек, ватандошларни Украинадаги воқеалар оқибатларидан қўрқмасликлари кераклигига ишонтирди.
«Биламан, нима бўлаётгани ҳақидаги хабар барча америкаликларни ташвишга солаётгандек туюлиши мумкин, аммо шуни билишингизни истайманки, бизда ҳаммаси яхши бўлади», — деди Америка раҳбари.