Байден ва Си Цзиньпин Украинадаги вазиятни муҳокама қилди

АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин 18-март, жума куни телефон орқали мулоқот қилиб, Украинадаги воқеаларни муҳокама қилди. Суҳбат тафсилотларини Ғарб ОАВлари Пекин баёнотларига таяниб эълон қилмоқда.

Шундай қилиб, CNN хабарига кўра, Хитой раҳбари суҳбат чоғида “можаро ва қарама-қаршилик ҳеч кимни қизиқтирмайди”, деб айтган.

«Давлатлараро муносабатлар ҳарбий қарама-қаршилик босқичига ўтиши мумкин эмас. Можаро ва қарама-қаршилик ҳеч кимнинг манфаатига мос келмайди. Тинчлик ва хавфсизлик халқаро ҳамжамиятнинг энг қимматли бойлигидир», – деди Си Цзиньпин.

«Украина инқирози – биз кўришни истамайдиган нарса», – дея Хитой раҳбарининг сўзларини келтиради Хитой матбуоти.

Хабарларга кўра, Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, Хитой ва АҚШ икки томонлама муносабатларни тўғри йўлга қўйиши, ҳар икки томон ҳам ўзларига тегишли халқаро масъулиятни ўз зиммасига олиши ва дунё тинчлиги учун ҳаракат қилишлари керак.

Бу АҚШ ва Хитой раҳбарларининг сўнгги ойлардаги биринчи музокарасидир. ОАВ маълумотларига кўра, суҳбат икки соат давом этган.

Америка томондан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ йўқ.