Беларус украиналик дипломатлар сонини қисқартирди

Беларус украиналик дипломатлар сонини қисқартиради ва Украинанинг Брестдаги Бош консуллигини ёпади.

Дипломатик консуллик ходимлари кейинги 72 соат ичида мамлакатни тарк этишлари керак. Бу ҳақда Беларус ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар берилди.

«Беларус Республикаси ўз ҳудудидаги украиналик дипломатлар сонини қисқартиришга қарор қилди. Бу қадам Украина ташқи ваколатхоналари ходимларининг бир қатор дипломатик бўлмаган фаолиятини тўхтатишга қаратилган. Улардан 72 соат ичида мамлакатимизни тарк этиш сўралган. Ходимларнинг амалда йуқлиги сабабли Беларус томони ҳам Украинанинг Брестдаги консуллигини ёпишга қарор қилди”, — дейилади хабарда.

Мамлакатдаги украиналик дипломатлар сони беш кишига қисқартирилади.

Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорларни 2020-йилдан бери “Украинанинг кўплаб нодўстона ҳаракатлари” билан изоҳлади.