Беларуслик мухолифатчи Тихановский 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Беларус суди 2020 йилги президентликка номзод Светлана Тихановскаянинг эри, мухолифат етакчиси Сергей Тихановскийга нисбатан ҳукм чиқарди.

Бу ҳақда 14-декабр, сешанба куни БелТА давлат агентлиги хабар берди.

“Блогер Сергей Тихановский 18 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди”, — дейилади давлат агентлиги хабарида. Бундай ҳукм Гомел вилоят суди томонидан тергов ҳибсхонасидаги чиқиш мажлисида қабул қилинди.

Тергов маълумотларига коʻра, айбланувчи ва унинг шериклари Беларусда “узоқ вақтдан бери оммавий тартибсизликларни тайёрлаб, уюштирган”. Шу билан бирга, блогер YouTube-канали ва шу номдаги Телеграм-канали орқали давлат амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан “очиқ-ойдин зўравонликка чақирган”. “У ўз баёнотлари билан ижтимоий мансублик асосида жамиятда адоват ва нифоқни қўзғатди”, — дея қайд этади БелТА.

Агентлик шунингдек, “блоггер томонидан содир этилган жиноятлар ва бузғунчи Телеграм каналлари орқали жамоатчилик онгини манипуляция қилган экстремистлар фаолияти ўртасида тўғридан-тўғри алоқадорлик исботлангани” ҳақида хабар беради. «Буни жиноят иши материаллари, тезкор-қидирув тадбирлари, ўтказилган лингвистик ва психологик экспертиза хулосалари тасдиқлайди. Ишга жами 70 дан ортиқ экспертиза хулосалари илова қилинган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тергов маълумотларига кўра, 2020-йилнинг май ойида Тихановский “комиссия раисига таҳдидлар билан мурожаат қилиб, Сайлов бўйича марказий комиссия ишига ва республика референдумларини ўтказишга” тўсқинлик қилган.

Ниҳоят, Тихановскийга нисбатан республика Жиноят кодексининг 293-моддаси 1-қисми (тартибсизликлар уюштириш), 130-моддасининг 3-қисми (ижтимоий адоватни қўзғатиш), 191-моддасининг 2-қисми (МСК ишига тўсқинлик қилиш), 342-моддасининг 1-қисми (жамоат тартибини қўпол равишда бузадиган ҳаракатларни ташкил этиш) бўйича айблов эълон қилинди.

Видеоблогер Сергей Тихановский 2020 йилги сайловларда президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтишни режалаштирган, бироқ буни амалга ошира олмади, чунки у бунинг учун ажратилган вақт ичида тергов изоляторида эди. Бунинг ўрнига унинг рафиқаси Светлана ташаббус гуруҳини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этди, унда Сергей Тихановский унинг ташаббускор гуруҳи раҳбари сифатида кўрсатилган.

Тихановский 2020-йил 29-май куни Гроднода Светлананинг президентликка номзодини қўллаб-қувватлаш пикетида ҳибсга олинган эди. Унинг бир қанча шериклари ҳам ҳибсга олинган. Беларус ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қўлга олинганлар ноқонуний митинг ўтказган, улар давомида жамоат тартибини қўпол равишда бузган ва политсия ходимларининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган.