Белоруссия: хавфсизлик сабабли интернет тезлиги пасайтирилди

Белоруссия пойтахтида Интернет билан ишлаш жуда қийин бўлди. Муаммо паст тезликда. Белоруссия операторлари буни давлат хавфсизлик органларининг илтимосига биноан атайлаб қилдилар. Давлат тузилмалари вакилларининг фикрига кўра, бундай чора баъзи фаолларнинг ноқонуний фаолиятининг салбий оқибатлари хавфини камайтиради.

Ҳозирда Минскдаги мобил Интернет деярли мавжуд эмас

Белорусия алоқа оператори А1 чоршанба куни кечқурун давлат идораларининг илтимосига биноан Минскда мобил Интернетнинг ўтказувчанлиги пасайгани ҳақида хабар берди.

«Ваколатли давлат органларининг буйруғи билан 26 август куни, соат 20: 40дан бошлаб Минскда мобил Интернетнинг ўтказувчанлиги камаяди. Ушбу талабнинг бажарилиши маълумотларни узатиш сифатининг ёмонлашишига ёки хизматнинг вақтинча ишламаслигига олиб келади», – дейилади провайдер Twitter саҳифасида.

Аввалроқ, Белорусия пойтахтидаги оммавий норозилик намойишлари пайтида Интернет алоқаси бир неча бор узилиб қолган эди. Ўтган якшанба куни А1 биринчи марта шаҳарда мобил ва стационар Интернет тезлиги давлат идораларининг талабига биноан пасайиб бораётганини тасдиқлади.