Берлин дунёни ядровий қуролдан воз кечишга чақирди

Дунё ядро қуролидан фойдаланиш ва сақлашдан воз кечиши керак. Бу ҳақда 10-июл, якшанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бурбок 1945-йилда Америка ядровий ҳужуми натижасида вайрон бўлган Нагасаки шаҳрига ташрифи чоғида маълум қилди, деб ёзади Deutsche Welle.

Японияга ташрифи чоғида у дунё «узоқ бўлса ҳам» ядровий қуролдан воз кечиш учун ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.

Бурбокнинг таъкидлашича, Германия охирги пайтларда ядро қуроллари арсеналлари қисқариши эмас, балки кўпайиб бораётгани фонида ядровий қуролсиз дунёга эришиш ниятида.

Германия расмийси Украинадаги урушга ишора қилиб, «Берлин, ҳаттоки глобал вазият ҳозир жуда бошқача бўлса ҳам, ядровий қуролсизланишни қўллаб-қувватлашда давом этади» деди.

Унинг сўзларига кўра, Берлин Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома бўйича маслаҳатлашувларда кузатувчи сифатида иштирок этади, шунингдек, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасидаги фаолиятини давом эттиради.

Германиянинг ўз ядро қуроли йўқ, бироқ экспертларнинг фикрича, унинг ҳудудида АҚШнинг 20 га яқин ядровий бомбаси жойлашган. Ушбу ядро каллакларини Германияда жойлаштириш НАТО шартномасининг бандлари билан шартланган.