Болгарияда Россия элчихонасига пул ўтказиш санкцияларга дучор бўлди

Болгария ҳукумати Россия элчихонасига тахминан 890 минг доллар миқдорида банк ўтказмасини блокировка қилишга қарор қилди.

Бу ҳақда 6-июл, чоршанба куни Болгария молия вазири Асен Василев BNR радиостансияси эфирида маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, бундай қарор Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкциялар доирасида қабул қилинган.

«Россия элчихонасига банк ўтказмаси мавжуд, бу тўғридан-тўғри Европа комиссиясининг санкцияларига киради. Музлатилган банк ҳисоблари йўқ», – деди Василев.

Унинг қўшимча қилишича, Россия элчихонаси аввалроқ чекловларни қисман олиб ташлашни сўраган, чунки ходимларга маош тўлаш учун маблағ керак.

Вазир Василевнинг қўшимча қилишича, Болгария ҳукумати айни дамда Европа Иттифоқи билан маблағ ўтказишга рухсат бериш учун шу каби имтиёзлар бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Болгария 70 нафар россиялик дипломатни жосусликда гумон қилиб чиқариб юборгач, Москва ва София муносабатлари ёмонлашган. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ўзаро жавоб беришини айтди, Россиянинг Софиядаги элчиси Элеонора Митрофанова эса элчихонани бутунлай ёпишни таклиф қилди.