Бразилия ва Аргентина умумий валюта яратиш ниятида

Бразилия ва Аргентина минтақани иқтисодий мустаҳкамлаш учун умумий валюта яратиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланганини эълон қилиш арафасида, деб ёзади Financial Times.

Жанубий Американинг икки йирик иқтисодиёти Буэнос-Айресдаги саммитда умумий валюта яратиш режасини муҳокама қилади. Дастлаб Бразилия «сюр» (жанубий) деб номлашни таклиф қилаётган янги валюта минтақавий савдони қандай осонлаштириши ва долларга боғлиқликни камайтириши мумкинлигига эътибор қаратилади.

Аргентина Иқтисодиёт вазири Сержио Масса минтақадаги бошқа давлатлар ҳам лойиҳага қўшилиш таклиф қилинишини тасдиқлади.

FT ҳисоб-китобларига кўра, бутун Лотин Америкасини қамраб оладиган валюта иттифоқи глобал ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5 фоизини ташкил қилади. Таққослаш учун, дунёдаги энг йирик валюта иттифоқи евро жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 14 фоизини доллар ҳисобида қоплайди.