Буюк Британия Эстониядаги қўшинлари сонини икки баравар оширади

Буюк Британия 850 аскар билан Эстонияда жойлашган Алянс жанговар гуруҳига қўшилади.

Бу ҳақда Британиянинг Эстониядаги элчиси Росс Аллен маълум қилди.

«Улар ҳозир кетишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу 850 га яқин аскар, Эстонияда аллақачон жойлаштирилган жанговар гуруҳдаги билан бир хил. Биз биринчи аскарлар шу ой — февралда келишини режалаштирмоқдамиз», деди Аллен жума куни Эстония телевидениесига.

Режага кўра, улар Эстониядаги энг йирик “Siil 2022” (Ёж-2022) машғулотларида қатнашади. Уларнинг Болтиқбўйи республикасида қанча вақт қолишлари ҳозирча номаълум.

«Балки икки ой. Балки уч ой. Бу минтақадаги хавфсизлик вазияти қанчалик жиддийлигига боғлиқ бўлади», — деди Аллен.

Эстонияга қўшимча қўшинларнинг келиши Украина ва Беларус чегаралари яқинида “Россия кучларининг тўпланиши” билан боғлиқ. Бу ҳақда аввалроқ Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон айтган эди.

Буюк Британия НАТОнинг Эстониядаги 1200 кишилик жанговар гуруҳида етакчи давлат ҳисобланади. Унга Франция, Дания ва Исландия қўшинлари ҳам киради.

Эстония мудофаа кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Мартин Ҳерем, ўз навбатида, етиб келган британиялик аскарлар Тападаги ҳарбий лагерга жойлаштирилишини таъкидлади.

«Бунинг учун жойлар тайёрланган», деди Ҳерем.

Аввалроқ Эстония бош вазири Кая Каллас Эстониядаги Британия қўшинлари сони яқинда кўпайтирилиши ҳақида маълум қилганди. Лондон, шунингдек, Украина атрофидаги вазиятни тартибга солиш бўйича дипломатик чораларни кучайтириш, шу билан бирга Россиянинг “туғиш сиёсати”ни кучайтириш ниятида эканлигини маълум қилди.