Данияда инфляция: нафақахўрларга компенсация тўланади

Дания ҳукумати қариялар учун пул компенсацияси ва умумий қиймати 3,1 миллиард Дания крони (439 миллион доллар) миқдоридаги бошқа чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилди.

Бундай чора-тадбирлар тез инфляция ва юқори энергия нархлари таъсирини юмшатиш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Кам даромадли қариялар 5000 крон (706 доллар) миқдорида солиқсиз тўлов оладилар.

«Дания иқтисодиёти тубдан кучли, бироқ унга Путиннинг Украинадаги уруши туфайли нархларнинг кўтарилиши қийинчилик туғдирмоқда. Шунинг учун биз ҳозирда инфляция айниқса оғир бўлган баъзиларга ёрдам бера олганимиздан хурсандман», – деди молия вазири Николай Ваммен.

Электр тарифларини пасайтиришни ўз ичига олган чора-тадбирлар давлат инвестицияларининг камайиши ҳисобига молиялаштирилади, бу эса Молия вазирлигининг таъкидлашича, юқори нархларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Марказий банк аввалроқ кам даромадли данияликлар ва қарияларга нақд пул ўтказмалари билан компенсация тўлаш иқтисодиётга нарх босимини ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Бироқ, Дания чоралари баъзи Европа мамлакатларидагига қараганда камроқ.

Депутатлар аввалроқ 2 миллиард крон субсидиясини электр тўловларининг кўтарилишидан қаттиқ жабрланган 419 000 хонадон ўртасида бўлишишга келишиб олган эди.