Дунёда биринчи марта қочқинлар сони 100 миллион кишидан ошди.

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар биринчи марта дунё бўйлаб ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар сонининг 100 миллиондан ошиб кетишига олиб келди.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг 16-июн, пайшанба куни чоп этилган ҳисоботида айтилади. Жаҳон ташкилоти уруш очарчиликка олиб келиши мумкин, бу эса қочқинлар сонининг янада ошишига олиб келишидан хавотирда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2021-йил охирига келиб, урушлар, зўравонликлар, таъқиблар ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан қочганлар сони 89,3 миллион кишига етди, бу бир йил аввалгидан 8 фоизга кўп ва ўн йил аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. 24-февралда Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери 14 миллионга яқин украиналиклар ўз уйларини ташлаб, ўз мамлакатлари ёки хориждаги хавфсиз ҳудудларга қочиб кетишди, натижада қочқинлар армияси дунё бўйлаб тарих даражасида энг юқори даражага етди.

«Сўнгги ўн йил ичида бу рақамлар ҳар йили ўсиб бормоқда», деди БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди ҳисоботни тақдим этар экан. «Ёки халқаро ҳамжамият бирлашиб, можароларни ҳал қилиш ва барқарор ечимларни топиш учун чора кўради ёки бу даҳшатли тенденция давом этади».

Гранди «кўпроқ одамларнинг кўчирилишининг олдини олиш» учун глобал озиқ-овқат инқирозини енгиб ўтишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг «жуда муҳимлигини» таъкидлади.

«Агар сиз мендан қанча деб сўрасангиз … билмайман, лекин бу жуда катта рақамлар», деди у.