Мамлакатда кенг тарқалган коррупция таҳдиди туфайли Еврокомиссия Венгрияни молиялаштиришни қисқартиришни тавсия қилишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Европа Иттифоқи расмийларига таяниб, Bloomberg хабар берди.
Манбаларнинг айтишича, Европа Комиссияси ўз баҳосини якшанба куни расмийлаштиришни режалаштирмоқда. Шундан сўнг Европа Иттифоқи ҳукуматлари уч ой ичида якуний қарор қабул қилади.
Комиссия таклифини тасдиқлаш учун аъзо давлатларнинг малакали кўпчилик овози талаб қилинади.
Венгрия Европа Иттифоқига унинг молиявий манфаатларига путур етказган аъзоларни жазолаш имконини берувчи янги қоидалар бўйича тергов қилинадиган биринчи давлат бўлди. Европа Комиссияси бир неча ой давомида Виктор Орбан даврида қонун устуворлиги эрозиясини текширди.
Тергов якунигача ЕИ маблағларидан маҳрум бўлган Орбан ҳукумати 2027-йилгача Европа Иттифоқидан 40 миллиард евродан ортиқ маблағ олишга умид қилмоқда.
У яқинда коррупцияга қарши кураш агентлигини ташкил этиш ва бир қатор қонунларга, хусусан, давлат харидлари тўғрисидаги ўзгартишлар киритишни таклиф қилиб, Европа Комиссияси хавотирларини юмшатган.
Комиссия Европа Иттифоқи раҳбарларига Орбанга коррупцияини чеклаш бўйича ваъдаларини бажариш учун вақт беришни таклиф қилишни режалаштирмоқда, деди расмийлардан бири.
Венгрияга комиссия тавсиялари бўйича ҳаракат қилиш учун бир ой вақт берилади, бироқ бу муддат кўпи билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Пайшанба куни Европа парламенти Венгриядаги қонун устуворлиги ҳақидаги ҳисоботни муҳокама қилади ва овоз беради. Аммо Венгрия ҳукуматининг ҳеч бир аъзоси, жумладан, Бош вазир Виктор Орбан Брюсселга бормайди.