Европа Иттифоқи давлатлари газ нархининг юқори чегарасига келишиб олдилар

Европа Иттифоқи давлатлари табиий газ учун нарх чегараси борасида келишиб олди. Бу ҳақда 19-декабр, душанба куни Чехия ҳукумати хабар берди.

Газ нархи Мвт/соат учун 180 евро ёки минг куб метр учун тахминан 1850 евро миқдорида чекланади. Келишув деярли бир овоздан қабул қилинди. Узоқ вақт давомида бундай чорага қарши чиққан Германиянинг ҳам розилиги олинди.

Келишувни Чехия бош вазири Петр Фиала Twitter да тасдиқлади.

«Бу Чехиянинг Европа Иттифоқига раислигининг сўнгги кунларида эришилган катта муваффақият! Биз газ нархини чеклашга келишиб олдик. Шундай қилиб, биз Европа уй хўжаликлари ва корхоналарини арзон энергия билан таъминлайдиган жуда муҳим келишувга эришдик «, – дейди у.

Reuters маълумотларига кўра, агар нарх Мвт/соат учун 180 еврога етса, 15 февралдан ЕИда газ нархининг юқори чегараси жорий этилади.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Европада газ нархи 1000 куб метр учун 1200 доллардан пастга тушди. Шу билан бирга, кун бошидан буён умумий нархларнинг пасайиши 6% дан ошди.

Хабарингиз бор, 5 декабр куни Россия нефтини Европа Иттифоқига денгиз орқали етказиб беришга эмбарго кучга кирди. Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, денгиз орқали етказиб бериладиган Россия нефтининг баррелига 60 доллардан сотилиши мумкин бўлган нарх чегарасини ҳам келишиб олди. Худди шундай қарор G7 давлатлари ва Австралия томонидан ҳам қабул қилинди.