Европа Иттифоқи газни тежаш режасига келишиб олди – ОАВ

Европа Иттифоқи давлатлари газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режа бўйича келишиб олди. Бу ҳақда дпа агентлиги 26-июл, сешанбага ўтар кечаси хабар берди.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия газ таъминотининг тўлиқ тўхтатилиши оқибатларини юмшатиш учун блокнинг газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда режа бўйича келишиб олди.

Бу режа бугун Европа Иттифоқи энергетика вазирларининг Брюсселда бўлиб ўтадиган махсус йиғилишида тасдиқланиши кутилмоқда.

Лойиҳада давлатлар учун келгуси саккиз ой ичида газ истеъмолини 15% га камайтириш бўйича ихтиёрий мақсад таклиф қилинмоқда, бу фавқулодда вазият юзага келганда қонуний кучга эга бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Россиянинг “Газпром” компанияси 27-июлдан бошлаб “Шимолий оқим 1” орқали газ етказиб беришни кунига 33 миллион куб метргача қисқартиришини маълум қилган эди. Шундай қилиб, газ қувури умумий қувватнинг атиги 20% да ишлайди.

Бундан олдин компания СП-1 учун Siemens турбинаси бўйича Канада ҳужжатлари бўйича «саволлари борлигини» айтди.

Ўз навбатида, Siemens Energy турбина билан боғлиқ вазият ва «Шимолий оқим-1» орқали газ етказиб беришнинг қисқариши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик кўрмаяпти.