Европа Иттифоқи икки янги давлатнинг аъзо бўлиш бўйича музокараларини бошлади

Европа Иттифоқи Кенгаши Албания ва Шимолий Македония билан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлади.

 

Бу ҳақда 18-июл, душанба куни Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Чехия Республикаси бош вазири Питер Фиала Тwиттеръда маълум қилди.

 

«Чехия бошчилигидаги Европа Иттифоқи Кенгаши ҳозиргина Албания ва Шимолий Македония билан аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга рози бўлди! Ғарбий Болқонни Европа Иттифоқига яқинлаштириш йўлида яна бир муҳим қадам ташладик. Бу бизнинг раислигимиз учун катта муваффақиятдир», деб ёзган Фиала.

 

19-июл, сешанба куни Питер Фиала Албания бош вазири Еди Рама ва Шимолий Македония бош вазири Димитар Ковачевский билан учрашиши режалаштирилган. Томонлар ушбу давлатларнинг Европа Иттифоқига йўлидаги кейинги қадамларини муҳокама қилади.

 

Маълумки, Шимолий Македония 2005 йилда Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган. 2020-йил июл ойида Македония Европа Иттифоқига қўшилиш масаласини кўтарди, бироқ Шимолий Македонияда Иккинчи жаҳон уруши даврларидан бирида «болгар фашистик ишғоли» атамаси қўлланилганлиги сабабли Болгария томонидан қўшилиш бўйича музокаралар тўхтатилди. Музокаралардан сўнг бу вето бекор қилинди.