Европа Иттифоқи Тайван юзасидан кескинликдан қочиш учун мулоқотга чақирди

Европа Иттифоқи АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг Тайванга ташрифи билан боғлиқ кескинликни олдини олиш учун мулоқотга чақирмоқда.

Бу ҳақда Рейтер хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ЕИ Тайван бўғозида тинчлик ва статус-квони сақлашдан манфаатдор.

«Тангликни мулоқот орқали ҳал қилиш керак. Нотўғри ҳисоб-китоблар хавфини камайтириш учун тегишли алоқа каналларини сақлаб туриш керак», – деди Европа Иттифоқи.

Европа Комиссияси вакилининг таъкидлашича, ЕИ «аниқ ягона Хитой сиёсатига эга», Хитой Халқ Республикаси ҳукуматини Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати сифатида тан олади ва «Тайван билан дўстона муносабатлар ва яқин ҳамкорликни» давом эттиради.