Европа Иттифоқи Украина учун ўқ-дорилар ва ракеталар харид қилиш учун 1 миллиард евро ажратмоқда

Европа Иттифоқи кенгаши 5-май, жума куни Европа тинчлик жамғармаси доирасида Украина учун ўқ-дорилар харид қилиш учун 1 миллиард евро ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

«Бугун ЕИ Кенгаши Европа тинчлик фонди (ЕТФ) доирасида Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолини Россия ҳарбий тажовузидан ҳимоя қилиш учун қудрати ва мустаҳкамлигини янада кучайтирадиган 1 миллиард евро миқдоридаги ёрдамни маъқуллади.», дейилади пресс-релизда.

Бу маблағлар «Украина Қуролли кучларини Европа мудофаа саноати соҳасида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар биргаликда сотиб олинадиган 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ва керак бўлганда ракеталар билан таъминлаш»ни молиялаштиради.

«Бугунги қарор Украинага кўпроқ ўқ-дори етказиб бериш бўйича яна бир муҳим қадамдир. Украина Қуролли кучлари Украина халқи ва Украина ҳудудини ҳимоя қилиш учун таъсирчан миқдорда ўқ-дориларга муҳтож. Ўқ дорилар уларга зудлик билан керак», — деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили. Жозеф Боррелл.

Унинг сўзларига кўра, мавжуд захиралардан ўқ-дориларни тезкор етказиб бериш бўйича олдинги қарор билан бир вақтда ЕИ Кенгаши ушбу мақсадлар учун 2 миллиард евро ажратади, бу эса Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий ёрдамининг умумий миқдорини 5,6 миллиард еврога етказади.