Европа Иттифоқи Украинага қилинган киберҳужумни қоралади

Европа Иттифоқи 14 январ куни Украина ҳукумати веб-сайтларига уюштирилган киберҳужумни кескин қоралади.

Бу ҳақда жума куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррел ЕИ номидан тегишли баёнот берди.

«Украина ҳукумати веб-сайтларига қилинган ушбу киберҳужумни қабул қилиб бўлмайди. Бундай ҳаракатлар Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ва дезинформатсияни тарқатишга қаратилган ва у аллақачон таранг бўлган вазиятни янада кучайтириши мумкин», – деди у.

Боррелнинг таъкидлашича, Украина «кибер чидамлилиги ошгани учун ҳужумларга тез ва қатъий жавоб берди».

«Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Украина билан алоқада ва ушбу ҳужумга қарши курашиш учун қўшимча тўғридан-тўғри техник ёрдам кўрсатишга ва ҳар қандай беқарорлаштирувчи ҳаракатларга, шу жумладан гибрид ва кибер таҳдидларга чидамлилигини ошириш орқали қўшимча ёрдам беришга тайёр», деди у.

Боллеллнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи “Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини” тасдиқлайди.

Буюк Британия, шунингдек, Украина ҳукумати веб-сайтларига қилинган киберҳужумни қоралади. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Элизабет Трусс маълум қилди.

У, шунингдек, “НАТО Украина билан кибер ҳамкорликни кенгайтиради”, “Буюк Британия ва иттифоқчилар Украинани ердаги экспертлар билан қўллаб-қувватлашини” таъкидлади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко вазирлик киберҳужумларга қарши курашиш ва киберхавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш бўйича халқаро ҳамкорлар билан қўшимча алоқаларни бошлаганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ТИВ веб-сайтлари ва хориждаги консулликларни ҳимоя қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Николенконинг таъкидлашича, хакерлик ҳужуми натижасида сайт мазмуни бузилмаган, ҳеч қандай расмий маълумот сизиб чиқмаган, ТИВ ички IT-тизимлари нормал ишламоқда.

Хабар берганимиздек, 14-январга ўтар кечаси Украина ҳукумати веб-сайтларига глобал хакерлик ҳужуми содир бўлди. Таълим ва фан вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати, Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, “Дия” сайти ишламади. Улар энди ўз ишларини давом эттиришди.