Европа комиссияси Украинага 18 миллиард евро ажратиш йўлини қидирмоқда

Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскиснинг қайд этишича, Европа Иттифоқи бир мамлакатнинг Украинага молиявий кўмакни издан чиқаришига йўл қўя олмайди.

2023-йилда Украинага 18 миллиард макромолиявий ёрдам ажратиш имконини берадиган сиёсий ечим яқин келажакда топилади. Маблағлар 2023 йил январ ойидан бошлаб мавжуд бўлади. Бу ҳақда Еврокомиссия ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис 6-декабр, сешанба куни Брюсселда Европа иқтисодий-молиявий кенгаши йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Аъзо давлатлар бу маблағларнинг январ ойидаёқ Украинага етиб боришини таъминлаш учун ҳаракат қилиш мажбуриятини олади. Украина уруш ҳолатида ва жуда кўп ёрдамга муҳтож. Биз бир аъзо давлатга Европа Иттифоқининг молиявий ёрдамини кечиктириши ва издан чиқишига йўл қўя олмаймиз. Биз буни у ёки бу тарзда амалга оширамиз», деди у.

Европа Кенгашининг ушбу йиғилишида Европа Иттифоқининг иқтисодий қонунчилигига учта тузатиш киритиш учун овоз бериш режалаштирилган эди. Улар Украинага ушбу маблағларни беришга имкон беради. Бироқ, йиғилиш давомида Венгрия бир овоздан қарор қабул қилишни талаб қиладиган зарур қонунчилик тузатишининг қабул қилинишига тўсқинлик қилди.

Бироқ, Кенгаш малакали кўпчиликни талаб қиладиган яна иккита тузатишни қабул қила олди.

Домбровскис яқин кунларда ечим топиш бўйича ишлар давом этишига ишонтирди.

«Европа Иттифоқи бирдамлик ва ҳамжиҳатликни намойиш қилиб, Украинага берган ваъдаларини бажариши керак», — деди у.

Мулозим ечимларни ҳам билдирди.

«Бу иккита вариант — кредит кафолатлари Европа Иттифоқи бюджетидан бўлиши мумкин ёки аъзо давлатлар кафолати бўлиши мумкин. Бу икки имконият», — дея тушунтирди Домбровскис.

Ўз навбатида, йиғилишга раислик қилган Чехия молия вазири Збигнев Станиура 2023-йил январ ойи бошида ушбу маблағлар ажратилишини кафолатлаш учун барча имкониятлар ишга солинишига ишонтирди.